ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. “Ерга оид муносабатларда коррупциявий омилларни бартараф этиш механизмларини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори (ПҚ–287-сон, 18.09.2025 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
2026 йил 1 январдан махсус ваколатли давлат органларининг ер қонунчилигига риоя қилмаслик, жумладан, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш, уларга тегишли чоралар кўришга оид вазифалари фақатгина “Е-YER NAZORAT” тизими орқали амалга оширилади.
Ерга оид ҳуқуқбузарлик даражасига кўра ҳудуларни қуйидагича тоифаларга бўлиш белгиланди:
“қизил” тоифадаги ҳудуд – ер участкаларидан самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш эҳтимоли юқори ҳудудлар;
“сариқ” тоифадаги ҳудуд – ер участкаларидан самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш эҳтимоли ўрта ҳудудлар;
“яшил” тоифадаги ҳудуд – ер участкаларидан самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш эҳтимоли паст ҳудудлар.
Бунда “қизил” тоифадаги ҳудудларда махсус дронлардан фойдаланган ҳолда ҳар чоракда камида 1 маротаба, “сариқ” тоифадаги ҳудудларда махсус самолёт ёрдамида ҳар 6 ойда камида 1 маротаба мониторинг кузатувлари олиб борилади