Россия, Хитой ва туркий давлатлар илмий-маданий тарихни ўрганишда ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон, Россия, Хитой ва қатор давлат олимлари иштирок этган анжуманда туркий халқлар тарихи ва маданиятига оид резолюция қабул қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 сен — Sputnik. "Олтой — туркий халқларнинг тарихий ватани" анжумани иштирокчилари резолюция қабул қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Ҳужжатда туркий халқлар тарихи, филологияси ва маданиятини биргаликда ўрганиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш муҳимлиги алоҳида таъкидланган.

"Шимолий Евроосиё халқларини бирлаштирувчи илмий-маърифий ва маданий ҳамкорликка кўмаклашиш, туркий халқлар тарихи, филологияси, маданияти масалаларини биргаликда ўрганиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, мавжуд мулоқот майдонларида илмий кучларни бирлаштириш, шунингдек, туркология ва олтойшуносликни ўрганиш бўйича янги марказларни ташкил этиш зарурлиги қайд этилган", — дейилади резолюцияда.

Шунингдек, ҳужжатда Шимолий Евроосиё давлатлари дарсликларида қўшма тарих воқеалари бўйича таърифларни яқинлаштириш, қўшма тадқиқотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш зарурлиги кўрсатилган.

"Давлатларимизнинг биргаликдаги ўтмишининг умумий қиёфасини сақлаб қолиш, уни профессионал илмий тадқиқотлар, мактаб ва олий ўқув юртлари тарих дарсликлари асосида илмий асосланган, зиддиятсиз баҳолаш ўта муҳим вазифадир", — дейилади ҳужжатда.

Маълумот учун: "Олтой — туркий халқларнинг тарихий ватани" анжумани — туркий халқлар тарихи, маданияти ва тилшунослигини ўрганишга бағишланган халқаро илмий анжуман. Ушбу анжуман Россиянинг Олтой Республикасида ўтказилиб, унда Ўзбекистон, Россия, Хитой, Венгрия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Озарбайжон олимлари иштирок этди.
Умумий тарих халқаро ҳамкорлик учун пойдевор бўлиши керак – Путин