ТОШКЕНТ, 18 сен – Sputnik. Пенза вилояти губернатори Олег Мелниченко Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Ризо Асадов билан учрашув ўтказди.
Маълум бўлишича, бу томонларнинг жорий йилдаги иккинчи учрашуви бўлиб, асосий мақсад ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.
Мелниченконинг таъкидлашича, Россия ва Ўзбекистон президентлари — Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев сиёсати доирасида ҳудудлараро ҳамкорлик босқичма-босқич ривожланмоқда. Сўнгги беш йилда Ўзбекистон билан ташқи савдо айланмаси 1,5 баравар ўсган, жорий йилнинг дастлабки олти ойида эса яна 6 фоизга ортиши режа қилинган.
Губернаторлик берган хабарга кўра, суҳбат давомида Пенза вилояти раҳбари ўз маҳсулотларини Ўзбекистонга экспорт қилиш ва Бухородан Пенза бозорларига товарлар етказиб бериш имкониятларига тўхталган. Ризо Асадовга вилоятдаги йирик корхоналар — тиббий ускуналар, хавфсизлик тизимлари ҳамда мебель ишлаб чиқарувчи компаниялар фаолияти таништирилиши режалаштирилгани ҳам айтилмоқда.
Пенза ва Бухоро ўртасидаги ҳамкорлик
© РИА Пензенской области
Томонлар гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалаларини ҳам муҳокама қилишган. Жумладан, 15–20 сентябрь кунлари Пенза вилоятида ўтказилган ахборот технологиялари бўйича ёзги мактабда ўзбек ёшларини ҳам қабул қилишга тайёрлик билдирилган. Шунингдек, Бухоро драма ва комедия театрининг гастроллари, қўшма спорт тадбирларини ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилган.
“Биз Пенза вилоятининг салоҳиятига ишонамиз, ҳамкорликда кўп ишларни амалга ошириш мумкин”, — деди Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Ризо Асадов.