ТОШКЕНТ, 17 сен – Sputnik. Ўзбекистонда 2030 йилга бориб камбағалликка тўлиқ барҳам бериш имкони бор. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Наманганда ўтказилаётган “Камбағалликдан фаровонлик сари” халқаро форумида маълум қилди.
Мирзиёев сўнгги саккиз йилда мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолига муносиб иш ўринлари яратиш, даромадларни ошириш ва турмуш шароитларини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилганини таъкидлади.
Президент жамиятнинг энг қуйи бўғинигача тушиб, “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилгани ўзини ҳар томонлама оқлаганини таъкидлади
Унинг маълум қилишича, қишлоқ аҳолисини даромадли қилиш учун 235 минг гектар пахта ва ғалла майдони қисқартирилиб, одамларга 30−50 сотихдан ер ажратишнинг янги механизми жорий қилинди. Бу ишлар 800 минг одамнинг даромадини оширишда муҳим қадам бўлди.
Қайд этилишича, 7,5 миллион фуқаро камбағалликдан чиқарилган, 2024 йилда камбағаллик даражаси 8,9 фоизга тушиб, йил якунига қадар уни 6 фоизгача камайтириш режалаштирилмоқда.
“Бир сўз билан айтганда, ҳар бир маҳаллага бизнес муҳити, ҳар бир оилага фаровонлик кириб борганини одамлар ўз ҳаётида ҳис этмоқда. Бундай кенг кўламли саъй-ҳаракатларимиз ҳисобига Ўзбекистон 2030 йилга қадар камбағалликни 2 карра қисқартириш бўйича олган мажбуриятини барвақт бажаришга ҳаракат қиляпти. 2030 йилга бориб, халқаро мезонларга кўра, Ўзбекистонда мутлақ камбағалликка тўлиқ барҳам беришга барча имкониятимиз бор”, - деди Мирзиёев.
Давлат раҳбари нутқи давомида маҳаллаларни обод қилиш ва тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш учун ҳар йили 2,5–3 миллиард доллар йўналтилинаётганига алоҳида тўхталди. Маълум бўлишича, сўнгги саккиз йилда 700 минг тадбиркор барқарор бизнесини йўлга қўйган.
Ўзбекистонда 2025 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, камбағаллик даражаси 6,8 фоизни ташкил қилмоқда.