ТОШКЕНТ, 16 сен — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида тадбиркор Сайёра Қосимова томонидан ташкил этилган “Фирдавс” кундузги парвариш марказига ташриф буюрди.
Марказ 36 ўринга мўлжалланган бўлиб, махсус таълим ва реабилитация хизматлари кўрсатилади. Бу ерда болалар кун давомида тўққиз соатлик индивидуал ўқув-тренинг дастурлари билан қамраб олинади. Машғулотларни малакали невропатолог, дефектолог, сурдолог, аудиолог, педагог ва психологлар олиб боради.
Бу хизматдан фойдаланаётган оналар фарзандларига меҳри ва ғамхўрлиги учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
Ногиронлиги бор болаларнинг ота-оналари айтишича, олдинлари бундай болалар фақат уйда ўтирар, жамиятдан ажралиб қоларди. Янги ижтимоий ҳимоя тизими туфайли энди улар ҳам “ёруғликка” чиқяпти, инклюзив таълимга, қизиқарли дарс ва машғулотларга жалб этилиб, ҳаётий кўникмаларни ўрганяпти. Бу ана шундай оилалар учун жуда катта мадад ва таскиндир.

Шунингдек, президент 16 ўринга мўлжалланган, “Faol hayotga qadam besh xizmat” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам танишди.
Марказ шу йил тадбиркор Хосият Ортиқованинг шахсий маблағи ҳисобидан ташкил этилган. Бу ерда ўзгалар парваришига муҳтож шахслар учун замонавий қулайликлар, тиббий ва реабилитация хизматлари йўлга қўйилган.
Бу ерда тиббий мутахассислар томонидан индивидуал дастурлар асосида ҳар куни 8 соатлик машғулот ўтказилади. Улар инсонларнинг соғлиғини тиклаш, функционал имкониятларини ошириш ва ижтимоий ҳаётга қайтаришга ёрдам беради.
Мазкур соҳадаги давлат-хусусий шериклик дастурига республика бўйича 600 нафар тадбиркор қўшилган бўлиб, уларнинг 46 нафари Наманган вилоятида фаолият юритмоқда. “Фаол ҳаётга қадам” дастури билан Ўзбекистонда ўзгалар парваришига муҳтож 24 минг фуқаро, кундузги парвариш хизмати билан 3 мингга яқин ногиронлиги бўлган болалар қамраб олинган, дейилади хабарда.