Саидов Исроилнинг Қатарга ҳужуми мавзусидаги вазирлар йиғилишида иштирок этди

Учрашувда Исроилнинг Қатарга ҳужуми ва минтақавий хатарлар муҳокама қилинди. Ўзбекистон низоларни мулоқот орқали ҳал этиш тарафдори эканлиги яна бир бор таъкидланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 сен — Sputnik. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ва Араб давлатлари лигаси қўшма фавқулодда саммитига тайёргарлик бўйича ташқи ишлар вазирлари йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
"Бугун ҳамкасбларим билан биргаликда Исроилнинг яқинда Қатар давлатига уюштирган ҳужумини муҳокама қилишга бағишланган Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб давлатлари лигаси қўшма фавқулодда саммитига тайёргарлик бўйича ташқи ишлар вазирлари йиғилишида иштирок этдик", — деб ёзди Саидов ўз Телеграм-каналида.
Айтилишича, кун тартиби минтақавий ва глобал даражадаги долзарб муаммолар, тинчликка таҳдид солувчи янги хатарлар ҳамда музокара ва мулоқотнинг устувор аҳамияти масалаларига қаратилган.
Саидов принял участие в министерской встрече по вопросу нападения Израиля на Катар
Шунингдек, Қатарнинг минтақада тинчлик ва фаровонликни дипломатия йўли билан мустаҳкамлаш борасидаги собитқадам ва фидокорона саъй-ҳаракатлари юксак қадрлангани таъкидланди. Ўзбекистон доимо барча низоларни фақат мулоқот орқали ҳал этиш тарафдори бўлиб келган ва бу тамойилга содиқ қолиши қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, 9 сентябрь куни Доҳада Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан берилган ҳаво ҳужуми натижасида кучли портлашлар содир бўлди. Авиазарба нишони Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати штаб-квартираси бўлган. Зарба бериш учун Исроилнинг оғир бомбалардан фойдаланган 15 та қирувчи самолёти, шунингдек, қўллаб-қувватлаш учун дронлар жалб қилинган. Дунё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон Исроилнинг Қатарга бу ҳужумини кескин қоралади.
Ўзбекистон Исроилнинг Қатарга ҳужумини қатъий қоралади