ТОШКЕНТ, 15 сен — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқида (ЕОИИ) бизнес ва истеъмолчилар учун хавфсиз ва шаффоф муҳит яратилмоқда, деб хабар берди Евроосиё иқтисодий комиссияси матбуот хизмати.
Евроосиё иқтисодий комиссия (ЕИК) ҳайъати ҳузуридаги Интеллектуал мулк бўйича маслаҳат қўмитаси йиғилишида Иттифоқ доирасидаги интеллектуал мулк соҳасидаги асосий ташаббуслар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ЕОИИ мамлакатларида ўтган йил якунлари бўйича 6,6 млн контрафакт товарлар аниқланган, интеллектуал мулк соҳасида 1 465 та ҳуқуқбузарлик қайд этилган.
Ушбу маълумотлар ЕОИИ мамлакатларида интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти мониторинги бўйича 2024 йил учун тақдим этилган ҳисоботда акс эттирилган.
"Антирейтингда кундалик эҳтиёж товарлари: кийим-кечак ва пойабзал, маиший техника, автомобиль эҳтиёт қисмлари, шунингдек, парфюмерия ва косметика етакчилик қилди. Айнан шу тоифалар қоидабузарлар учун энг заиф ҳисобланади," - деди ЕИК иқтисодиёт ва молиявий сиёсат вазири Бахит Султанов.
Интернет тармоғидаги қонунбузарликларни бартараф этиш бўйича келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш, саноат мулки объектларини текшириш учун қидирув хизматини яратиш эътибор марказида бўлди.
Ушбу чора-тадбирлар Евроосиё иқтисодий интеграциясини 2025 йилгача ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини амалга ошириш режасининг бир қисмидир. Улар бизнес ва истеъмолчилар учун хавфсиз ва шаффоф муҳит яратишга қаратилган.
Шунингдек, АТ объектларининг ягона божхона реестрини ишга тушириш ва ЕОИИ товар белгилари ва товар келиб чиққан жой номларини рўйхатдан ўтказиш тизимини жорий этиш ҳақида сўз борди.
Иштирокчилар божхона органлари ва ҳуқуқ эгалари ўртасида электрон ахборот алмашинувини ташкил этиш ҳамда Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқариш тартиби тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритиш имкониятларини муҳокама қилдилар.