Ўзбекистон ва Венгрия: олий таълим ва инновацияларда янги босқичлар муҳокама қилинди

Бошқа масалалар қаторида учрашувда 14–15 октябрь кунлари Хива шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган учинчи Ўзбекистон–Венгрия олий таълим форумига тайёргарлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 сен — Sputnik. 10 сентябрь куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида вазир Қўнғиротбой Шарипов Венгрия давлат котиби ўринбосари – бош вазир аппаратининг сиёсий директори офиси раҳбари Мартон Угрошди билан учрашув ўтказди.
Учрашувда икки давлат ўртасидаги олий таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, Венгрия Ўзбекистон учун Европадаги муҳим стратегик шерик бўлиб, мамлакатимиз Европа Иттифоқи давлатлари орасида илк бор Венгрия билан стратегик шериклик даражасига кўтарилган.
Учрашувда “Stipendium Hungaricum” дастурининг муваффақиятли амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди. Томонлар, шунингдек, қўшма таълим дастурлари, икки дипломли йўналишлар хамда академик алмашинувлар ташкил этиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Шунингдек, инновацион технологиялар, сунъий интеллект ва юқори технология соҳаларида қўшма тадқиқотлар, стартапларни қўллаб-қувватлаш, технопарк ва инкубаторлар фаолиятида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Маълумот учун: “Stipendium Hungaricum” – Венгрия стипендия дастури бўлиб, таълимнинг барча босқичларини қамраб оладиган, тўлиқ 1–2 семестрлик (алмашув дастури) грантлардан иборат.
Тошкент ва Санкт-Петербург ўртасида ҳамкорлик "йўл харитаси" имзоланди