Ўзбекистонда пенсия ёшини ошириш режалаштирилмоқда

Пенсия ёши эркаклар учун 63, аёллар учун эса 58 ёш этиб белгиланиши мумкин – мутасадди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10-сен — Sputnik. Ўзбекистонда эркаклар учун нафақа ёшини 60 ёшдан 63 ёшга, аёллар учун эса 55 ёшдан 58 ёшга босқичма-босқич кўтариш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Пул ва молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ижрочи директори Муродбек Отажонов ўз интервьюсида маълум қилди.
Суҳбатда қайд этилишича, Ўзбекистонда пенсия ёши 32 йил давомида умуман ўзгармаган. Бундан ташқари, жамғарма директори 20 йил олдин пенсионерлар нафақага чиққанидан сўнг одатда 8-9 йил ҳаёт бўлган бўлса, бугунги кунга келиб эркаклар деярли 13 йил, аёллар эса 20 йилгача умр кўраётгани ҳақида статистик маълумот келтирган.
Аммо қабул қилиниши режалаштирилган янги ёш нормаларини кўриб чиқишга бошқа сабаб ҳам туртки бўлгани айтилмоқда.
“Сўнгги 10 йил ичида Пенсия жамғармаси даромадлари 3,4 баробар, харажатлари эса 5 баробар кўпайди. 2020 йилдан бошлаб пенсия тўловларини молиялаштириш учун давлат бюджетидан доимий равишда маблағ ажратилмоқда. 2022 йилда ажратилган маблағ миқдори 11 триллион сўмни ташкил этиб, бу умумий харажатларнинг тўртдан бир қисмига тенг бўлиб чиқди. 2023 йил учун 15 триллион сўм (29 %) ажратиш режалаштирилган эди. 2030 йилга келиб, ажратиладиган маблағ ҳажми 38 триллион сўмни ташкил этиши кутилмоқда”, – дейди Отажонов.
Таъкидланишича, ҳозирда қарор расман қабул қилинмаган. Жамғарма жамоатчилик фикрини ўрганиш учун махсус платформа ишга тушириш режасини билдирган — бундай платформа орқали фуқаролардан таклифлар қабул қилиниши айтилмоқда.
Ўзбекистон ва ЕОИИ
ЕОИИ ва Ўзбекистонда пенсия ёши — инфографика