ТОШКЕНТ, 10-сен — Sputnik. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг Доҳадаги ҳаракатларини қоралаб, расмий муносабат билдирди. Вазирлик баёноти ҳукумат порталида эълон қилинди.
Баёнотда қайд этилишича, бу хатти-ҳаракатлар Қатар давлати суверенитетини, унинг чегаралари дахлсизлигини ва хавфсизлигини бузиш сифатида баҳоланади.
“Бундай амаллар мутлақо номақбул бўлиб, БМТ низоми ҳамда халқаро ҳуқуқнинг асосий меъёр ва тамойилларини қўпол равишда менсимаслик ҳисобланади”, — дейилади расмий баёнотда.
Ўзбекистон халқаро муносабатларда куч ишлатишнинг ҳар қандай шаклига изчил қарши эканини таъкидлади. Шунингдек, Яқин Шарқдаги мураккаб вазиятни янада кескинлаштирадиган ҳар қандай қадамлар минтақада барқарорликка жиддий таҳдид солишини алоҳида таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча кун аввал Шавкат Мирзиёев Ғазо секторидаги вазиятдан чуқур қайғуда экани ҳамда Ўзбекистон фақат “икки халқ учун – икки давлат” тамойили асосида айни масалага адолатли ечим топиш тарафдори эканлигини маълум қилган эди.