Россияда ноқонуний мигрантларга берилган муддат тугаяпти

11 сентябрдан ноқонуний мигрантларни Россиядан чиқариб юбориш бошланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 сен – Sputnik. Россияда бўлиш учун қонуний асосларни йўқотган хорижликлар учун берилган муддат 10 сентябрь куни тугамоқда. 11 сентябрдан уларни мамлакатдан чиқариб юбориш бошланади, дея маълум қилди Россия ИИВ матбуот хизмати.
Таъкидланишича, вазирлик томонидан Россия президенти фармонини амалга оширишни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар мажмуаси тўлиқ бажарилди.
Миграция бўлимларида чет эллик фуқароларни қабул қилиш учун қўшимча хизмат ойналари очилди, аҳоли билан ишлаш жадваллари қайта кўриб чиқилди, шунингдек, тегишли ҳудудлардаги консулхоналар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатларнинг дипломатик ваколатхоналари вакиллари билан мунтазам равишда учрашувлар ва видеоконференциялар ўтказилди.
Россия президенти Владимир Путиннинг фармони билан ноқонуний бўлиб турган мигрантларга ўз мақомини қонунийлаштириб олиш учун берилган имконият 10 сентябргача узайтирилганди. Хорижликлар яшаб турган манзилидаги ИИВ Паспорт-виза хизмати марказларига ёки ИИВ миграция масалалари бўлимларига, Москвада эса Сахароводаги кўп тармоқли миграция марказларига мурожаат қилиши керак.
Ўз мақомини қонунийлаштирмаган хорижликларга нисбатан 11 сентябрдан мамлакатдан чиқариб юбориш чораси қўлланилади. Улар назорат қилинувчилар реестрига тушиб, қатор чекловларга дуч келишади. Хусусан, банк карталари блок бўлади, никоҳ расмийлаштира олишмайди, болаларини таълим муассасаларига жойлаштира олишмайди.
Эслатамиз, 1 сентябрдан Москва шаҳри ва Москва вилоятида Россияга визасиз келаётган хорижликлар учун миграция рўйхатидан ўтишнинг янги тизими синов тариқасида бошланди. Энди Москва ҳудудига ишлашга келган хорижликлар “Амина” мобиль иловасида рўйхатдан ўтиб, онлайн миграция рўйхатидан ўтишлари мумкин. Илова орқали уларнинг геолокацияси узатиб турилади. Агар иловада геолокация маълумоти уч кун бўлмаса, хорижлик назорат қилинувчилар реестрига киритилиши мумкин.
Россияга 2025 йилда келган хорижликларнинг асосий қисмини ўзбекистонликлар ташкил қилди