ТОШКЕНТ, 9 сен – Sputnik. Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Захидов Словения Бандлик агентлиги бош директори – Жаҳон давлат бандлик хизматлари ассоциацияси президенти Грета Метка билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда фуқароларга бандлик хизматларини кўрсатишда тажриба алмашиш, илғор инновацион ёндашувларни ўрганиш, шунингдек, касб-ҳунар таълими тизимини ривожлантиришда ишсиз фуқароларни талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш ва Словения давлати меҳнат бозорига малакали кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Бу бўйича хорижий тажриба асосида олиб борилаётган ишларга эътибор қаратилиб, Словениянинг касбий стандартларини Ўзбекистондаги касб-ҳунар соҳаси тизимига интеграция қилиш механизмлари кўриб чиқилди.
Икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш мақсадида Словениянинг йирик иш берувчилари буюртмалари асосида керакли касблар бўйича Касбий кўникмалар марказларида малакали мутахассисларни тайёрлаш ҳамда ўқув дастуриларини биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олинди.