ТОШКЕНТ, 9 сен – Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва устувор вазифалар муҳокама қилинди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўқитувчилар ва рағбатлантириш Ўқитувчилар учун 10 дан зиёд устама жорий этилди. 60 мингдан ортиқ педагог 10–12 млн сўм ойлик олмоқда. Мактаб директорлари ва боғча мудиралари маоши 10 млн сўмдан ошди. Янги баҳолаш тизимида 300 мактаб жамоаси 40 фоизгача устама олди.
Жорий йил бошидан халқаро олимпиадаларда 195 та медаль қўлга киритилди. Ғолиб ўқувчиларга 10 млрд сўм, мураббийларига 3,5 млрд сўм мукофот ажратилди. Чет тиллар сертификати олган ўқувчилар сони 2,5 баробарга кўпайди.
Мактабгача таълим: Жорий йилда 182 минг қўшимча ўрин яратилиши режалаштирилган, шундан 82 мингтаси янги боғчалар ҳиссасига тўғри келади. 118 та боғчада таъмирга муҳтож хоналар ва қурилиши чўзилган 8 та объект аниқланди. Ҳокимларга уларни 1-ноябргача тўлиқ якунлаш топширилди.
80 та туманда боғча очиш учун имтиёзлар белгиланган эди. Энди улар мамлакат барча ҳудудларидаги янги кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватидаги хусусий боғчаларга ҳам татбиқ этилади. Ҳар бир туманда қамров камида 80 фоиз бўлиши шарт.
Мутасаддиларга бўш ерларда боғча ташкил этиш бўйича уч йиллик дастур қабул қилиш, хусусий шериклик ва сармоя асосида ишлаш, янги боғчаларга субсидия бериш ҳамда тарбиячилар маошини қисман қоплаш топширилди.
Педагогика олийгоҳларида ўрта махсус маълумотли тарбиячилар учун “1+5” (1 кун ўқиш, 5 кун иш) бакалавр таълим шакли жорий этилиб, ҳар йили 10 мингга яқин олий маълумотли тарбиячи тайёрланади. Ҳар бир вилоятда “Янги авлод” таянч боғчалари ташкил этилади.
Мактаблар: Олис ҳудудларда 74 минг ўқувчи узоқ масофадан қатнамоқда. Айрим вилоятларда 100 та мактабда автобус қатнови йўлга қўйилди ва бу қолган ҳудудлар учун намуна экани кўрсатиб ўтилди.
Уч йилда 201 та ихтисослашган мактаб ташкил қилинган, лекин 12 тасида қурилиш ишлари ҳали якунланмаган. Тегишли вилоятлар ҳокимларига ишларни йил охиригача якунига етказиш топшириғи берилди.
Янги ўқув йилидан юқори синфларда сунъий интеллект дарслари киритилади. Шу мақсадда 2 минг синф хонага компьютер ва 6,3 минг интерфаол доска талаб этилади. Зарур маблағлар кейинги йил давлат бюджетида кўзда тутилади.
Иқтидорли ўқувчилар учун Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек ва Ибн Сино мактаблари филиаллари очилиб, уларнинг барчаси ҳудудлардаги техника олийгоҳларига бириктирилади. Яхши натижага эришган битирувчилар ушбу олийгоҳларнинг 2-курсига қабул қилинади.
Боғча ва мактабларда 10 дан ортиқ хизмат рақамлашгани натижасида коррупция камайди. Кейинги ўқув йилигача барча хизматларни рақамли форматга ўтказиш топширилди.
В каждом регионе Узбекистана создадут по две "узбекско-китайские мастерские"
© telegram sputnikuzbekistan
/ Ёшлар ва тарбия: Ягона миллий тарбия модели ишлаб чиқилмоқда. Барча муассасаларда “Келажак соати” дарслари ўтилмоқда. Болалар контентини ривожлантириш маркази Тарбия педагогикаси миллий институти олимлари билан биргаликда қизиқарли видеороликлар ишлаб чиқади.
219 та муассаса негизида республика, ҳудуд ва туманларда “Келажак” марказлари ташкил этилади. Улар орқали ўқувчилар фан, маданият, спорт ва касб йўналишидаги тўгаракларга жалб қилинади.
Ҳар бир ўрта мактабда маслаҳатчи лавозими жорий қилинади. Улар ўқувчиларнинг қобилиятига қараб тўгараклар ташкил этади. Директор ўринбосарлари, синф раҳбари ва психолог ўқувчиларнинг муаммоларини ўрганиб, ечимга кўмаклашади. Маҳалладаги ёшлар етакчилари эса ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун масъул бўлади.
Энди ҳар бир ўқувчининг тўгараклар ва олимпиадалардаги натижалари “рақамли портфолио”да акс эттирилади.
Касб-ҳунар ва олий таълим: Касб-ҳунар ва олий таълим йўналишидаги ислоҳотларни тўлиқ англаб етмагани қайд этилди. Шу муносабат билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг уч нафар ўринбосари ишдан олинди. Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ва Инновацион ривожланиш агентлиги раҳбарлари ҳам лавозимидан озод этилди.
Мамлакатда 450 минг ўқувчини қабул қила оладиган 598 та техникум мавжуд. Бироқ жорий йилда 9-синфни битирган 608 минг ўқувчидан фақат 182 минг нафари техникумларга ўқишга кирди. Шу муносабат билан келгуси йил “ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш йили” деб белгиланди.
Келгуси ўқув йилида 9-синф битирувчиларининг камида 50 фоизини техникумларга қамраб олиш топширилди. Бу ишларни ягона сиёсат асосида олиб бориш учун Касбий таълим агентлиги ташкил этилади.
Жорий йилдан олийгоҳларда қабул квоталари инвестиция лойиҳаларидаги кадрлар эҳтиёжидан келиб чиқиб белгиланмоқда. Энди инвестор буюртмаси билан техникумларда ҳам кадрлар тайёрланади, таълим дастурлари 30 фоизгача ўзгартирилиши мумкин. Шунингдек, йил якунигача тармоқларда зарур касблар бўйича стандарт ва талаблар ишлаб чиқилади.
Хорижий ҳамкорлик: Президентнинг Хитойга ташрифи чоғида 35 миллиард долларлик лойиҳалар пакети шакллантирилди. Бундай лойиҳалар учун хитой тили ва технологияларни ўзлаштирган минглаб кадрлар керак. Шу мақсадда ҳар бир вилоятда “Ўзбекистон – Хитой устахоналари” ташкил этилади. Олийгоҳ, техникум ва мактабларда хитой тилини ўқитиш мақсадида 100 тадан зиёд тил эгалари ва волонтёрлар таклиф қилинади.