ТОШКЕНТ, 8 сен — Sputnik. Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва "ACWA Power" компанияси Қорақалпоғистоннинг Қораўзак туманида жойлашадиган янги лойиҳа доирасидаги ҳамкорлик ишларини бошлади. Бу ҳақда ОТБ матбуот хизмати хабар қилди.
Таъкидланишича, лойиҳа Марказий Осиёда биринчи шамол электр станцияси ва батарея энергия сақлаш тизимини ўз ичига олади.
ОТБ маълумотига кўра, “Нукус-2” деб номланган мазкур шамол электр станциясининг қуввати 200 МВтни ташкил этади. Лойиҳада 100 МВт қувватга эга батарея энергия сақлаш тизими ҳам ўрнатилиши режалаштирилган. Бу тизим шамол энергиясини барқарор тарзда тақсимлаш ва электр тармоғининг узлуксиз ишлашини таъминлаш имконини беради.
Янги станция ҳар йили юз минглаб хонадонларни тоза электр энергияси билан таъминлаш, углерод чиқиндиларини эса сезиларли даражада камайтиришга хизмат қилади.
"Бу лойиҳа нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун барқарор энергия манбаларини ривожлантиришда муҳим қадам бўлади", — дейилади ОТБ хабарида.
ОТБ ва ACWA Power ҳамкорлигидаги лойиҳа Ўзбекистоннинг яшил энергия бўйича миллий стратегиясини амалга оширишга хизмат қилади. Шу орқали мамлакат 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия улушини ошириш, энергия самарадорлигини кучайтириш ва экологик хавфсизликни таъминлашни мақсад қилмоқда.