ТОШКЕНТ, 8 сен – Sputnik. Бугун Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Парламент палаталарининг қўшма мажлисида Қозоғистон халқига йиллик Мурожаатнома билан чиқди. Ўз мурожаатида у Қозоғистон парламентини бир палатали қилишни таклиф қилди.
Олий вакиллик ҳокимиятидаги бу ислоҳот, Тоқаевнинг таъкидлашича, аввалги барча ўзгаришлар, жумладан, президентлик ҳокимияти ислоҳотининг мантиқий давоми бўлади.
"Биз Адолатли Қозоғистонни барпо этиш, эшитувчи давлат руҳида ҳокимият ва фуқаролар ўртасида очиқ, ҳалол мулоқот ўрнатиш йўлини тутдик", — деди Қозоғистон етакчиси.
Шу билан бирга, Тоқаев ушбу масала юзасидан муҳокамаларга камида бир йил вақт кераклигини таъкидлади. Ундан сўнг 2027 йилда умуммиллий референдум ўтказилиши ва зарур конституциявий ўзгаришлар киритилиши мумкин. Қозоғистон раҳбарининг қайд этишича, агар бир палатали парламент тузишга келишилса, уни фақат партия рўйхатлари орқали сайлаш мақсадга мувофиқ бўлади.
Маълумот учун: бир палатали парламент асосан кичик ва унитар мамлакатларга хос. Икки палатали парламент эса йирик ва федератив давлатларда кўп учрайди, чунки у минтақалар манфаатларини ҳисобга олиш ва мувозанатнинг қўшимча механизмларини яратиш имконини беради.