ТОШКЕНТ, 8 сен – Sputnik. "Юксалиш" ҳаракати давлат органлари ҳузуридаги айрим жамоатчилик кенгашлари фаолиятининг очиқлигига оид мониторинг ўтказди.
Мониторинг мақсади — фуқаролар ва фуқаролик жамияти учун маълумотлар қай даражада очиқ ва долзарб эканини баҳолаш эди.
Мониторинг шаффофлик ва очиқлик тамойилларига асосланган бир нечта асосий мезонлар бўйича ўтказилди.
"Мазкур маълумотномада ҳокимликлар сайтларидаги мониторинг натижалари эълон қилинди, бироқ кўплаб вазирликлар, агентликлар ва идораларда ҳам вазият шунга ўхшаш. Амалдаги қарорларга мувофиқ, сайтларидаги маълумотлар ҳар уч ойда камида бир марта янгиланиб турилиши шарт", - дейилган хабарда
Жами 14 та ҳокимлик ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши расмий сайтлари ўрганилди. Натижада Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари "юқори даражада шаффофлик" деб баҳоланди.
Навоий, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилояти ҳокимликлари "қисман шаффофлик" деб баҳоланди.
Бухоро, Андижон, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Фарғона вилоятлари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши эса "паст даражадаги шаффофлик" кўрсатди — бу сайтларда маълумот йўқ ёки янгиланмаган.
Проведен мониторинг открытости деятельности общественных советов
© Юксалиш ҳаракати расмий сайти
Масалан, Наманганда охирги маълумотлар 2022 йилдан бери янгиланмаган, Фарғонада эса фақат аъзолар рўйхати берилган.