ТОШКЕНТ, 7 сен – Sputnik. 8 нафар россиялик шифокор Ўзбекистон аҳолиси саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда маҳаллий ҳамкасблар билан тажрибаларини бўлиши учун Тошкент ва Самарқандга ташриф буюради. Халқаро кўнгиллилар дастури – “Эзгулик миссияси” (Миссия Добро) 8-13 сентябрь кунлари ўтказилади. Бу ҳақда дастурнинг расмий манбасида хабар қилинди.
Таъкидланишича, миссияда “РЖД-Медицина” тизимига мансуб жарроҳ, юрак-қон томир жарроҳлари, уролог, акушер-гинеколог, эндокринолог ва травматолог-ортопед каби мутахассислар иштирок этади. Улар тиббиёт муассасаларида қабул ва маслаҳатлар ўтказиб, ҳамкасблари ҳамда тиббиёт олийгоҳлари талабалари учун маҳорат дарслари ва маърузалар ташкил қилишади.
Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, ҳар бир мутахассис ўз йўналиши бўйича аниқ белгиланган шифохона базасида фаолият юритиши режалаштирилган.
Бу “РЖД-Медицина” шифокорларининг Ўзбекистонга амалга оширган иккинчи сафаридир. Ўтган йили улар Тошкентда бўлиб, маърузалар, маслаҳатлар ва жарроҳлик амалиётлари ўтказишган. Ўшанда иштирок этган уч нафар шифокор жорий делегация таркибидан ҳам ўрин олган.
“Бир йил аввал биз мураккаб клиник ҳолатларни муҳокама қилган эдик, биргаликда операциялар ўтказдик, кўплаб илмий учрашувлар ташкил этдик. Бу гал ҳам ҳамкорликни давом эттириш, тажриба алмашиш жараёнини кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишни режалаштиряпмиз”, – дейди миссия аъзоси, тиббиёт фанлари доктори, профессор, жарроҳ Владислав Ширинский.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда ўтказиладиган жорий тадбир “Эзгулик миссияси”нинг 45-сафари бўлиб, “Добро.РФ” ассоциацияси ҳамда Россотрудничество ташаббуси билан ташкил этилмоқда. Мазкур халқаро дастурда Россиянинг соғлиқни сақлаш, таълим, маданият ва экология соҳасидаги кўплаб мутахассислари кўп йиллардан буён иштирок этиб, дунёнинг турли мамлакатларида аҳолига ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Бугунги кунга қадар 20 тадан ортиқ мамлакатдан 15 мингга яқин беморга россиялик мутахассислар томонидан ёрдам кўрсатилган.