ТОШКЕНТ, 7 сен – Sputnik. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Украина ва Россияга хавфсизлик кафолатларини бир хилда тақдим этиш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда у Шарқий иқтисодий форум доирасида РИА Новостига берган интервьюсида маълум қилди.
Хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги саволга жавоб берар экан, Кремль вакили позицияни аниқ белгилаб берди – бундай кафолатлар ҳам Украинага, ҳам Россия Федерациясига берилиши керак. Россия президенти матбуот котибининг таъкидлашича, можаронинг асосий сабабларидан бири Россия учун хавфсизлик кафолатлари асосларининг бузилгани бўлган.
"Ахир бу зиддиятнинг асл сабабларидан бири нимада эди? Мамлакатимиз хавфсизлиги кафолатларининг асосларига путур етиб, Украинанинг НАТО томон илдамлаши каби уринишларнинг бошланишию, НАТО ҳарбий инфратузилмаси чегараларимиз томон силжий бошлашида эди", – дея қайд этaди у.
Шу нуқтаи назардан, Кремль вакили таъкидлаганидек, тартибга солиш жараёнида ҳар икки томонга хавфсизлик кафолатлари тақдим этилиши керак.
Таъкидлаш жоизки, Россия президенти Владимир Путин аввал ҳам бир неча бор Россия Украинанинг нейтрал давлат бўлиб қолиши тарафдори эканини билдирган. Қайд этилишича, Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш хавфи махсус ҳарбий операция бошланишининг асосий сабабларидан бирига айланган. Россия Федерациясида махсус ҳарбий операцияни мантиқий якунига етказиш ва можаронинг асл сабабларини бартараф этиш учун барча зарур ресурслар мавжудлиги ҳам яна бир бор тилга олинди.