Ўзбекистон зилзиладан жабр кўрган Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатди

Унинг таркибидан озиқ-овқат, 5 мингта ёпинғич ҳамда 10 тоннадан ортиқ дори воситалари ва тиббий буюмлар ўрин олган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 сен – Sputnik. Ўзбекистон зилзиладан жабр кўрган Афғонистонга 6 сентябрь куни 265 тонна инсонпарварлик ёрдами юборди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Ёрдамни топшириш Балх вилоятининг Ҳайратон шаҳрида амалга оширилди. Умумий оғирлиги қарийб 265 тоннани ташкил этган, дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат юк “Termez Cargo Centre” ҳудудида шакллантирилиб, 14 та юк автомобили орқали Ҳайратонга етказилди.
Ўзбекистон томонидан маросимда президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ва Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этди. Улар бундай ташаббуслар президент Шавкат Мирзиёевнинг яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, бирдамликни ривожлантириш ва афғон халқини қўллаб-қувватлашнинг ёрқин ифодаси эканини таъкидлашди.
Узбекистан передал помощь населению Афганистана, пострадавшему от землетрясения
Балх вилояти раҳбарияти номидан сўзга чиққан Ф.Робий Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга алоҳида миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон етакчиси ва халқи барча қийин даврларда афғон халқининг ёнида турганини таъкидлади. У бу ёрдамни чинакам биродарлик рамзи сифатида баҳолаб, афғон халқи ва раҳбарияти буни ҳеч қачон унутмаслигини қайд этди.
“Афғонистон вакиллари ўзбекистонликларнинг ёрдамини оддий дори-дармон ва озиқ-овқат эмас, балки бирдамлик ва инсонийлик рамзи сифатида қабул қилишларини таъкидлаб ўтдилар. Бу ёрдам афғон халқи қалбида ўзбек халқининг меҳр-шафқати ва сахийлиги сифатида абадий сақланиши қайд этилди”, - дейилган хабарда.
Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг аниқлик киритишича, юборилган ёрдам таркибидан ун, гуруч, шакар, тушёнка, макарон ва қандолат маҳсулотлари, ёғ, тез тайёрланадиган таомлар, қизил ловия ва мош, қадоқланган ичимлик суви, 5 мингта ёпинғич ҳамда 10 тоннадан ортиқ дори воситалари ва тиббий буюмлар ўрин олган.
Август ойининг сўнгги куни ярим тунга яқин Афғонистон шарқида 6 магнитудали зилзила содир бўлди ва кейинги силкинишлар содир бўлди. Табиий офат Кунар, Лагмон ва Нангаҳор вилоятларига таъсир кўрсатди, кўплаб қишлоқларни вайрон қилди, тоғли ҳудудларда йўллар вайрон бўлиши ёки ёпилиб қолишига олиб келди. Афғонистоннинг кўп йиллик урушлар, қашшоқлик ва табиий офатлар туфайли заифлашган соғлиқни сақлаш тизими жабрланганларга етарлича ёрдам бера олмаяпти. Расмийларининг сўнгги маълумотларига кўра, ушбу табиий офат қурбонлари сони 2205 кишига етган, 3640 киши жароҳатланган.
Афғонистонда қутқарувчилар ҳали ҳам жабрланганларга етиб бора олмади