Тошкентда ШҲТнинг терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўйича анжумани ўтказилади

Конференция 2013 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинади ва "уч ёвуз куч" деб аталмиш таҳдидларга қарши курашиш масалалари бўйича асосий халқаро мунозара майдонларидан бири ҳисобланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 сен – Sputnik. 2025 йил 20-21 ноябрь кунлари Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар ва кузатувчи давлатларнинг терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлигига бағишланган ўн биринчи халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтади.
Конференция мақсадлари:
ШҲТ мамлакатлари ўртасида ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш;
кузатувчи давлатлар билан мувофиқлаштиришни яхшилаш;
ШҲТнинг халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш;
терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш механизмларидаги бўшлиқларни бартараф этиш;
миллий, минтақавий ва халқаро миқёсда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш.
Дастур доирасида қуйидагилар кўриб чиқилади:
- давлатларнинг терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш борасидаги миллий тажрибаси;
- БМТ, МДҲ, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва бошқа ташкилотлар иштирокида халқаро ҳамкорлик ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш;
- ёшларни радикализмдан чиқариш ва бузғунчи мафкуралардан ҳимоя қилиш муаммолари;
- интернет тармоғи ва замонавий технологиялардан террорчилик мақсадларида фойдаланиш, шунингдек, терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш чораларини кўриш.
Ялпи мажлисда юқори даражадаги спикерлар, шу жумладан тегишли халқаро тузилмалар раҳбарлари сўзга чиқади.
“ШҲТ плюс”: Мирзиёев қандай ташаббусларни билдирди