ТОШКЕНТ, 2 сен – Sputnik. 2025 йил 2 сентабрдан автомобилларни Пискент синов мажмуасида (автополигонда) синовлардан ўтказиш амалиёти тўхтатилади. Бу ҳақда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги хабар берди.
Хабарга кўра, агентлик томонидан 2024 йил 1 ноябридан бошлаб Пискент автополигонида машиналар Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган техник регламентга мувофиқ текширила бошлаган.
Шу текширувлар жараёнида маълум бўлишича, республикага техник талабларга жавоб бермайдиган енгил автомобиллар ҳам кириб келган ва уларни синовдан ўтказиш бирма-бир амалга оширилган
Шу текширувлар жараёнида маълум бўлишича, республикага техник талабларга жавоб бермайдиган енгил автомобиллар ҳам кириб келган ва уларни синовдан ўтказиш бирма-бир амалга оширилган
2024 йилгача Ўзбекистонда фақат 3 та дилерлик маркази ишлаган ва улар атиги 15 та автомобиль модели учун турини маъқуллаш ҳужжатини олган эди. Ҳозирда эса 21 та хорижий компанияларнинг расмий дилерлари фаолият бошлади ва 100 дан ортиқ автомобиль моделлари учун турини маъқуллаш ҳужжатлари расмийлаштирилди.
Таъкидланишича, бунинг натижасида истеъмолчиларга сифати ва хавфсизлиги таъминланган автотранспорт воситаларини етказиб бериш тизими такомиллаштирилиб, истеъмолчиларга расмий дилерлардан турли русумдаги автотранспорт воситаларини харид қилиш имконияти яратилди.
Маълумотга кўра, республикада расмий дилерлар сони кескин ошгани ва истеъмолчиларнинг улар орқали автомобил сотиб олиш амалиёти йўлга қўйилгани туфайли Пискент автополигонида автомобилларни синовдан ўтказиш амалиёти тўхтатилади.
Шунингдек, агентлик маълумотида таъкидланишича, импорт қилинаётган автомобиллар сифатини таъминлаш доимий назоратда бўлиб, номувофиқликлар ёки истеъмолчилардан шикоятлар аниқланганда тегишли чоралар кўрилади.