ТОШКЕНТ, 1 сен – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитойдаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида нутқ сўзлаб, қатор ташаббусларни илгари сурди.
“Биз Ташкилотнинг изчил кенгайиши тарафдоримиз. Чунки “ШҲТ модели”нинг муваффақияти унинг очиқлиги ва кенг кўламли ҳамкорликка йўналтирилганидадир. Биз ўз келажагини ШҲТ билан боғлиқ ҳолда кўраётган давлатларнинг интилишларини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз”, - деди Мирзиёев ўз нутқида.
Ўзбекистон раҳбари берган таклифлар:
Ядро хавфсизлиги йўлида кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлаш бўйича ШҲТ декларациясини қабул қилиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз. Ушбу декларация тинчлик йўлидаги атомни ривожлантириш ва фавқулодда ҳолатларга жавоб қайтаришнинг мустаҳкам асосига айланади.
Терроризм ва экстремизмга қарши самарали курашиш мақсадида Ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирлари кенгаши ишини қайта тиклаш, Жиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорлик тўғрисидаги битимни қайта кўриб чиқиш, Гиёҳвандликка қарам бўлиб қолишга қарши курашишнинг 2030 йилга қадар мўлжалланган дастурини ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
ШҲТ маконида минтақавий ички маҳсулот айирбошлаш ҳажмини оширишга туртки берадиган Савдони соддалаштириш тартиб-таомиллари тўғрисидаги битим имзоланишини муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз.
“ШҲТ – Афғонистон” мулоқот гуруҳи фаолияти қайта тикланишини қўллаб-қувватлаймиз.
Бизнес бўйича мулоқотларни йўлга қўйиш ва инвестицияларни илгари суриш учун Махсус электрон портал каби қатор янги кўп томонлама платформалар ва кооперацияни қўллаб-қувватлаш воситаларини ташкил этишни таклиф қиламан.
ШҲТ доирасида минералларни қазиб олиш ва чуқур қайта ишлашда илғор технологияларни жорий этиш мақсадида Стратегик материаллар бўйича ШҲТ минтақавий маркази ташкил этишни таклиф этамиз;
Минтақавий саноат ва инфратузилма лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали воситаларини тезроқ жорий этиш муҳим. Ушбу масалани ваколатли вазирлар даражасида яна бир бор кўриб чиқишни таклиф этамиз.
Биз “ШҲТ ягона транспорт макони”ни шакллантириш ва уни “Бир макон – бир йўл” стратегик ташаббуси билан боғлаш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун катта имкониятларни кўрмоқдамиз. Бу янги мультимодал тармоқлар, рақамли платформалар ва “яшил” йўлаклар яратишни назарда тутади. Бу борада тегишли кўп томонлама концепцияни ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
“Сайёҳлик йўлаги” ва ШҲТ тиббиёт туризми альянсини ишга тушириш каби истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
“Нутқимнинг якунида бугун қабул қилинаётган Тяньцзин декларацияси, ШҲТни 2035 йилга қадар ривожлантириш стратегияси ва бошқа якуний ҳужжатлар кўпқиррали ҳамкорлигимизни кенгайтириш ва замонавий таҳдидларга самарали ечимлар топишда муҳим асос бўлиб хизмат қилади, деб ишонч билдираман. Биз ШҲТ доирасида дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро фойдали ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги умумий вазифаларни ҳал қилиш учун ишларни биргаликда давом эттиришга тайёрмиз”, - дея хулоса қилди Мирзиёев.
ШҲТ саммити Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида 31 август-1 сентябрь кунлари бўлиб ўтмоқда. Унда 20 тадан зиёд хорижий давлат етакчилари қатнашмоқда.
Ҳозирда ШҲТ 10 та аъзо давлатни (Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон) бирлаштиради. Шунингдек, ШҲТда кузатувчи мақомига эга 2 та давлат (Афғонистон, Мўғулистон) ва 14 та мулоқот бўйича ҳамкор (Озарбайжон, Арманистон, Баҳрайн, Миср, Камбоджа, Қатар, Кувайт, Малдив ороллари, Мьянма, Непал, БАА, Саудия Арабистони, Туркия ва Шри-Ланка) мавжуд.