Тожикистон МОда дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолади

Мазкур шартнома 2022 йилда Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарлари томонидан имзоланган. Тожикистон ва Туркманистон эса уни кейинроқ имзолашга ваъда берган эди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 авг – Sputnik. Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш мақсадида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолади. Бу ҳақда Тожикистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур шартномасини имзолаш маросими 28 август куни Душанбеда Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу билан учрашувдан сўнг бўлиб ўтган.
Ҳужжатни тўлиқ амалга ошириш минтақада тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш ҳамда мустаҳкамлаш омилларидан бири экани таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, шартнома доирасида Марказий Осиё давлатлари қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммаларига олади:
ҳар қандай низоли масалаларни фақат тинч йўл билан, мулоқот орқали ҳал қилиш;
давлатлараро муносабатларда куч ишлатмаслик; шартнома иштирокчиларига қарши йўналтирилган ҳарбий иттифоқлар ёки блокларга қўшилмаслик ҳамда бундай ҳаракатларда иштирок этмаслик;
ушбу мамлакатларда истиқомат қилаётган этносларнинг тил, маданий ва диний ўзига хослигини ҳимоя қилиш;
томонлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда сув-энергетика ресурсларидан оқилона ва комплекс фойдаланиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ва яна кўплаб бошқа бандларни ўз ичига олади.
Шартномани 2022 йил 21 июль куни Чўлпонота шаҳрида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари имзолаган эди. Ўшанда Тожикистон ва Туркманистон ўз мамлакатларида ички давлат тартиб-тамойилларини якунлаш зарурлигини айтиб, ҳужжатни имзоламаган эди.
Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон чегара тўғрисида тарихий шартнома имзолади