ТОШКЕНТ, 29 авг — Sputnik. Ўзбекистон ва Қозоғистон нефть-газ ва кимё соҳасида янги қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар берди.
Таъкидланишича, битим Олмаотада "Ўзбекнефтгаз" АЖ ва "KazMunayGaz" раҳбарлари томонидан имзоланган. Режа доирасида геология тадқиқотлари ва нефть-газ ҳамда кимё йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтириш назарда тутилган.
Ўзбекистон элчиси Бахтиёр Ибрагимов "KazMunayGaz" миллий компанияси бошқарув раиси Асхат Хасенов билан ўтказган учрашувида энергетика хавфсизлигини таъминлаш, углеводородларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилган.
Шунингдек, томонлар чегараолди ҳудудларда қўшма геологик-қидирув ишларини олиб бориш, маълумот алмашиш ва фаолиятни мувофиқлаштириш тартибини кўриб чиқиб, Қашқадарё вилоятида қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича фикр алмашишди, дея қўшимча қилинган хабарда.