ТОШКЕНТ, 29 авг – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитойда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитида иштирок этишини маълум қилди.
“Шу кунларда Хитойда яна бир йирик анжуман – Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида, унинг доирасида кўплаб учрашув ва тадбирларда иштирок этамиз”, - деди Мирзиёев давлат мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган байрам тадбирида сўзлаган нутқида.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, саммит натижалари Янги Ўзбекистоннинг дунёдаги ўрни ва мавқеини юксалтиришга, кўп векторли ташқи сиёсат бўйича стратегик мақсадларимизни амалга оширишга хизмат қилади.
ШҲТ саммити Тяньцзинь шаҳрида (Шимолий Хитой) 31 август-1 сентябрь куни бўлиб ўтади. Унда 20 тадан ортиқ мамлакатнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари, 10 та халқаро ташкилот раҳбарлари қатнашиши кутилмоқда.
Ҳозирда ШҲТ 10 та аъзо давлатни (Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон) бирлаштирган. Шунингдек, ШҲТда кузатувчи мақомига эга 2 та давлат (Афғонистон, Мўғулистон) ва 14 та мулоқот бўйича ҳамкор (Озарбайжон, Арманистон, Баҳрайн, Миср, Камбоджа, Қатар, Кувайт, Малдив ороллари, Мьянма, Непал, БАА, Саудия Арабистони, Туркия ва Шри-Ланка) мавжуд.