ТОШКЕНТ, 27 авг — Sputnik. Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми 2025 йилда илк бор 130 млрд доллардан ошиши кутилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Мустақиллик байрами арафасида бўлиб ўтган жамоат, санъат ва маданият ходимларини тақдирлашнинг тантанали маросимида маълум қилди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.
"Ўтган саккиз йилда ялпи ички маҳсулотимиз шиддат билан ўсиб, 115 миллиард долларга етди. Бугун битта рақамни биринчи марта айтмоқчиман: Халқаро валюта жамғармаси прогнозига кўра, бу йил иқтисодиётимиз ҳажми 130 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Яъни илгари бундай ўсиш, бундай юксак эътироф ҳеч қачон бўлмаган", - деди Мирзиёев.
Бу борада айниқса, тадбиркорлик фаол қўллаб-қувватланаётгани, “яшил” ва инновацион иқтисодиёт ривожланаётгани алоҳида тилга олинди. Натижада 500 мингдан ортиқ янги кўп қаватли уй-жойлар, 60 триллион сўмдан ортиқ маблағ эвазига қишлоқ ободчилиги ва 100 мингдан ортиқ инвестицион лойиҳалар амалга оширилган.
Шунингдек, ижтимоий инфратузилмалар ҳам олти баравар кўпайтирилган. Болалар боғчалари жойлари 720 мингдан 2,5 миллионгача, мактаблар эса 466 тага етказилган. Олий таълимда ўқувчилар сони 279 мингдан 1,5 миллионга кўпайтирилиб, талабалар таълими қамрови 40 фоизгача ошган.
“Асосий мақсад — инсонларга эътибор қаратиш, уларнинг ҳуқуқларини, меҳнатини улуғлашдир. Ҳар бир ютуқ, натижа, айниқса, инсон манфаатига қаратилганда, янада ёрқин самара беради”, - дея хулоса қилди давлат раҳбари.