ТОШКЕНТ, 27 авг – Sputnik. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигида ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Япония ташқи ишлар вазири Ивая Такеши билан учрашди ва икки давлат Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида Стратегик диалог бўйича қўшма коммюнике имзоланди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Ўзбекистон Республикасига расмий ташриф билан келган Япония ташқи ишлар вазири Ивая Такеши яқинда Самарқандга амалга оширган сафарида асрлар давомида шаклланган маданий мерос, мамлакатнинг динамик иқтисодий салоҳияти ва келажакдаги ҳамкорлик истиқболлари, шунингдек, япон компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди”, — дея ёзди Саидов ўзининг Telegram-каналида.
Хабарга кўра, ҳозирги кунда давлатлар ўртасида кимё саноати ва энергетика каби муҳим соҳаларда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ахборот технологиялари, транспорт, кончилик, “яшил” энергетика ва бошқа йўналишлар эса келгуси ҳамкорлик учун жозибадор ҳисобланмоқда.