ТОШКЕНТ, 27 авг – Sputnik. Ўзбекистонда фойдаланишда бўлган автомобилни фойдаланишда бўлган бошқа автомобилга алмаштириш – “Trade-up” дастури жорий этилади. 22 август куни Ҳукуматнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Қарорда дистрибютор ва дилер ташкилотларининг илгари фойдаланилган автомобилларни сотиб олиш, сотиш ва алмаштириш ҳуқуқи қонун билан мустаҳкамланди.
Шунингдек, “Trade-up” дастури жорий этилди — у орқали илгари фойдаланилган автомобилни бошқа фойдаланилган автомобилга алмаштириш мумкин.
Қарорда қуйидаги атамаларга изоҳ берилган:
“Trade-in” – илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситасини янги автомототранспорт воситасига нархларидаги фарқни тўлаган (нархларидаги фарқни олган) ҳолда алмаштириш;
“Trade-up” – илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситасини илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситасига нархларидаги фарқни тўлаган (нархларидаги фарқни олган) ҳолда алмаштириш.
дистрибютор ташкилоти — Ўзбекистон ҳудудида янги автомототранспорт воситаларини реализация қилиш бўйича ишлаб чиқарувчи билан тегишли дистрибюторлик келишувига эга юридик шахс.
дилер ташкилоти - Ўзбекистон ҳудудида янги автомототранспорт воситаларини реализация қилиш бўйича дистрибютор ташкилоти ёки ишлаб чиқарувчи билан тегишли дилерлик келишувига эга юридик шахс.