ТОШКЕНТ, 17 авг – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Покистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларида юз берган кучли ёғингарчилик ва сув тошқинлари оқибатида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлгани ва жароҳат олгани муносабати билан президент Асиф Али Зардарий ва бош вазир Шаҳбоз Шарифга таъзия йўллади. Бу ҳақда президент матбуот котиби маълум қилди.
“Давлатимиз раҳбари марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади”, - дейилади Шерзод Асадов хабарида.
Сўнгги маълумотларга кўра, Покистон ва мамлакат назоратидаги Кашмирда кучли муссон ёмғирлари ва ер кўчкилари оқибатида камида 307 киши қурбон бўлган.
Ўлим ҳолатларининг аксарияти Покистон шимоли-ғарбидаги тоғли Хайбер-Пахтунхва провинциясида қайд этилган. Камида 74 та уй зарар кўрган, қутқарув вертолёти эса операциялар чоғида ҳалокатга учраган, унинг беш нафар экипажи ҳалок бўлган.