ТОШКЕНТ, 16 авг – Sputnik. Қирғизистон ва Ўзбекистон пенсия стажини ўзаро тан олиш бўйича келишиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси хабар бермоқда.
Тегишли ҳужжат лойиҳалари Тошкентда икки давлат идоралари вакилларининг учрашувида имзоланди.
Қирғизистон Ижтимоий жамғармаси матбуот хизмати маълумотларига кўра, ҳужжат қуйидагиларни назарда тутади:
пенсия тайинлаш учун суғурта стажини жамлаш;
пенсияларни етказиб бериш харажатларини ушлаб қолмасдан, яшаш мамлакатидан қатъи назар, фуқароларга тўлаш;
икки томонлама тўловларнинг олдини олиш учун хизмат сафарлари ва муддатларни узайтириш бўйича меъёрлар.
Қайд этилишича, пенсия стажини ўзаро тан олиш пенсионерлар ушбу мамлакатларнинг қай бирида яшагани ва ишлаганидан қатъи назар, тўловларни ҳисоблашда стаж ҳисобга олинишини англатади.
Битимларнинг асосий мақсади Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқароларининг суғурта ва давлат пенсияларини олишда тенг ҳуқуқларини таъминлаш, шунингдек, суғурта бадалларини икки марта тўлашни истисно қилишдан иборат.
Таъкидланишича, ушбу келишувни амалга ошириш республикалар ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлайди ҳамда ижтимоий ва иқтисодий ҳамкорлик, жумладан, йирик инфратузилма лойиҳалари, масалан, Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон темир йўл магистралини қуриш доирасида қўшимча имкониятлар яратади.