Ўзбекистон ва ЕОИИ

Арипов: Ўзбекистон тўрт йил ичида ЕОИИ билан савдо айланмасини 80 фоизга оширди

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Қирғизистонда бўлиб ўтган Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида кузатувчи сифатида иштирок этди ва муҳим таклифларни илгари сурди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 авг – Sputnik. Ўзбекистон 2020 йилдан бери Евроосиё иқтисодий иттифоқида (ЕОИИ) кузатувчи сифатида иштирок этиб, тўрт йил ичида иттифоқ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмасини 80 фоизга оширди. Ўтган йил якунида бу кўрсаткич 18 миллиард долларни ташкил этди.
Бу ҳақда Бош вазир Абдулла Арипов Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтаётган Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши (ЕОҲК) йиғилишида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ижобий динамика жорий йилда ҳам сақланиб, асосан саноат маҳсулотлари етказиб беришнинг ортиши ҳисобига таъминланмоқда.
ЕАЭС в Чолпон-Ате
Арипов апрель ойида Ўзбекистон Евроосиё тараққиёт банкига қўшилганини эслатиб ўтди, шунингдек, республиканинг ЕОИИ билан савдо муносабатларини либераллаштириш тўғрисидаги битим лойиҳасини тайёрлашни тезлаштиришни таклиф қилди
Бош вазир истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилганини билдирди ва ЕОҲК нинг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон ва Иттифоқ мамлакатлари техник жиҳатдан тартибга солиш тизимларини яқинлаштириш бўйича илгари келишилган ҳаракатлар режасини имзолашни таклиф қилди.
У ЕОИИнинг рақамли техник тартибга солиш, рақамли транспорт йўлаклари экотизими, Евроосиё қайта суғурталаш компанияси ва ягона интеграциялашган ўтказиш пунктлари тизими каби механизмларга қўшилишдан манфаатдорлигини билдирди.
Шунингдек, рақамли мувофиқлик ва технологик шерикликни кенгайтириш мақсадида трансчегаравий электрон савдо, товарларни рақамли маркировкалаш, янги авлод логистика платформалари ва сунъий интеллектни қўллаш соҳаларини ўз ичига олган рақамли ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Ўзбекистон ЕОИИнинг кооперация лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш орқали янги қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этишни мақсад қилганини айтиб, ташкилот доирасида кооперацияни ривожлантиришга бизнесни кенг жалб қилиш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистон томонидан тайёрланган агро кооперация дастурини келишиш учун яқин вақтда эксперт маслаҳатлашувларини ўтказиш таклифини берди. Унга кўра, дастур логистика йўналишларини соддалаштириш, яшил технологияларни қўллаш ва “яшил йўлак”ни ишга тушириш чораларини ўз ичига олади.
Йиғилишда Россия бош вазири Михаил Мишустин, Беларусь ҳукумати раҳбари Александр Турчин, Қозоғистон бош вазири Олжас Бектенов, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Қосималиев ва Арманистон бош вазири ўринбосари Мгер Григорян иштирок этди.
ЕОИИ — Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистонни ўз ичига олган халқаро иқтисодий интеграция ташкилоти. Иттифоқ ҳузурида кузатувчилар — Ўзбекистон, Эрон ва Куба давлатлари. Ўзбекистон 2020 йилдан буён ЕОИИда кузатувчи ҳисобланади.
Ўзбекистон ва ЕОИИ
ЕОИИ мамлакатлари ЯИМ 4,4 фоизга ўсди – Мишустин