ТОШКЕНТ, 9 авг – Sputnik, Баҳром Ҳатамов. Бухоро шаҳридаги афсонавий Регистон майдони ва тарихий Арк қалъаси рўпарасида қад ростлаган ноёб иншоот — Bukhara Tower ёки халқ тилида ҳали ҳам "Шухов минораси" деб аталадиган ушбу минора нафақат шаҳарнинг тимсоли, балки муҳандислик санъатининг ҳақиқий намунасидир.
Шухов муҳандислиги ва миноранинг тарихи
Бу гиперболоид шаклдаги темир конструкция 1927–1929 йиллар оралиғида рус муҳандиси Владимир Шухов лойиҳаси асосида барпо этилган. Ўша даврда минора шаҳарни ичимлик суви билан таъминлаш учун сув сақловчи иншоот сифатида хизмат қилган. Унинг металл конструкцияси Москвада тайёрланиб, Бухорога олиб келинган. Тузилишида марказий устун ва уни ўраб турган зинапоялар мевжуд.
Афсуски, 1968 йилда юз берган ёнғин миноранинг ёғоч қисмларини ёндириб юборган ва сув бакларига ҳам зарар етказган. Шундан сўнг минора фаолиятсиз ҳолда қолиб кетган.
Ресторанга айланган тарихий иншоот
1990-йилларда маҳаллий тадбиркорлар томонидан минорани қайта ҳаётга қайтаришга уриниш бўлди — лифт ўрнатилди ва юқорида кафе очилди. Бироқ, лифтнинг бузилиши туфайли бу лойиҳа ҳам қисқа муддатда тўхтатилди.
Янгиланиш ва қайта очилиш
2018 йилда француз сармоядорлари кўмагида минора тубдан таъмирланди. Бир йиллик таъмирлаш ишларидан сўнг, 2019 йил 24 март куни минора Bukhara Tower номи билан қайта очилди. У эндиликда нафақат тарихий ёдгорлик, балки замонавий туризм маркази сифатида фаолият юритмоқда.
Бугунги Bukhara Tower: нима бор?
Ойнали лифт орқали юқорига чиқиш имконияти
Панорамали томоша майдончаси — махсус бинокллар билан жиҳозланган
Француз ресторани — миноранинг иккинчи ярусида ва остида
Кафе ва маълумот маркази, шунингдек кичик музей.
Миллий меросга айланган иншоот
Минора ҳозирда Ўзбекистон Республикасининг моддий маданий мероси рўйхатига киритилган. У нафақат XX аср муҳандислик ечимларининг намунаси, балки шаҳарнинг маданий ва туристик салоҳиятини юксалтиришда муҳим ўрин тутади.