ТОШКЕНТ, 6 авг – Sputnik. Кеча, 5 август куни, соат 22:20 да Қашқадарё вилояти, Кўкдала тумани, “Олтиндала” МФЙда жойлашган автомобилларга газ қуйиш шохобчаси ҳудудида пропан суюлтирилган газ ташувчи автоцистернадан пропан сақлаш резервуарга ёқилғи тўкиш вақтида чақнаш содир бўлиб, ёнғин содир бўлган. Бу ҳақда ФВВ мабуот хизмати хабар берди.
Воқеа жойига зудлик билан 5 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб бориб, ёнғин соат 22:30 да қуршаб олинган ва соат 22:50 да батамом ўчирилган.
Ёнғин оқибатида автоцистерна ва сиғими 10 куб метр бўлган газ резервуари ёниб зарарланган, автоцистерна ҳайдовчиси эса енгил куйиш тан жароҳати олган.
Эслатиб ўтамиз, 16 июль куни ҳам худди шу маҳаллада жойлашган газ қуйиш шохобчасида ёнғин содир бўлиб, ҳодиса оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган эди.