ТОШКЕНТ, 6 авг – Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Кремлда Оқ уй раҳбарининг махсус вакили Стив Уиткоффни қабул қилди, деб хабар қилди Кремль матбуот хизмати.
Учрашув бошида улар бир-бирларига табассум қилишди, қўл сиқишди. Музокараларда Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков ва Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди раҳбари Кирилл Дмитриев иштирок этмоқда.
Америка дипломати бугун эрталаб Москвага учиб келди. Бу унинг йил бошидан бери Россияга бешинчи ташрифи. Сафар бошида Уиткофф Дмитриев билан Зарядье боғига ташриф буюрди. У музокаралардан умидлари ҳақидаги саволга жавоб бермади.
Давлат департаменти расмий вакили Тэмми Брюс ҳам сафар тафсилотларига изоҳ беришдан бош тортди. Унинг сўзларига кўра, идора ташрифдан кейин Дональд Трамп нима қилишини билмайди.
Унинг қўшимча қилишича, Оқ уй раҳбари Украинадаги можаро дипломатик йўл билан ҳал этилишига ишонишда давом этмоқда.
Трампнинг ультиматуми
14 июль куни Америка президенти Киев билан тинчлик келишувини талаб қилиб, Россияга 50 кунлик ультиматум қўйди, кейин эса бу муддатни 10-12 кунгача қисқартиришини маълум қилди.
Агар келишув бажарилмаса, у Россиядан импорт қилинадиган товарларга 100 фоизлик божлар, шунингдек, ундан нефть, газ ва бошқа энергия ташувчиларини сотиб олувчи давлатларга иккиламчи божлар жорий этиш билан таҳдид қилган.