ТОШКЕНТ, 6 авг – Sputnik. Ўзбекистон ва Эрон тадбиркорлари ўртасида октябрь ойида бизнес-форум ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати хабар берди.
5 август куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Эроннинг Табриз шаҳри Савдо-саноат, кончилик ҳамда қишлоқ хўжалиги палатаси ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
В октябре пройдет бизнес-форум между узбекскими и иранскими предпринимателями
© Торгово-промышленная палата
Учрашув давомида томонлар ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, Табриз Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Самад Ҳасанзоданинг жорий йил 2–5 октябрь кунлари Ўзбекистонга навбатдаги ташрифи доирасида бизнес-форум ва B2B учрашувлар ташкил этилиши режалаштирилаётгани маълум қилинди. Шунингдек, тадбиркор аёллар иштирокида алоҳида сессия ўтказиш таклифи ҳам илгари сурилди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Нодира Шотурсунова мазкур ташаббуслар тўлиқ қўллаб-қувватланишини, тадбирларни юқори даражада ташкил этиш ва амалга оширишда барча зарур ёрдамни кўрсатишга тайёр эканлигини таъкидлади.
Икки томон ўз олдига қўйилган мақсадларига эришиш учун доимий мулоқот ва амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.