ТОШКЕНТ, 18 июл — Sputnik. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси таклифига биноан Россия Федерациясининг Белгород ва Брянск вилоятларидан 99 нафар бола дам олиш учун Ўзбекистонга келди.
Улар Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларидаги "Анор" болалар соғломлаштириш оромгоҳида қарийб 2 ҳафта бўлиб, янги ўқув йили бошланишидан олдин дам олиб, куч-қувватга эга бўлади.
Аэропортда болаларни Россиянинг Ўзбекистондаги Муваққат ишлар вакили Андрей Ланчиков, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раҳбарияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари кутиб олди.
Биринчи марта бўлаётган бундай ажойиб тадбир учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдирамиз ва болаларга меҳмондўст Ўзбекистонда унутилмас дам олиш тилаймиз!, - дейилади Россия элчихонаси хабарида.
Етиб келгач, болалар нонушта билан сийланди ва уларга совғалар топширилди. Эртага эса болалар дам олиш мавсумининг тантанали очилиш маросимида қатнашадилар.