ТОШКЕНТ, 9 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Газпром нефть" компанияси бошқаруви раиси Александр Дюковни қабул қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Учрашувда Россиянинг ушбу етакчи компанияси билан нефть-газ мажмуасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни тегишли "йўл харитаси"га мувофиқ ривожлантиришнинг истиқболли режалари кўриб чиқилди.
“Геология-қидирув ишларини олиб бориш, мураккаб конларни ўзлаштириш, соҳани рақамлаштириш, талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлаш бўйича қўшма чора-тадбирлар ва кооперация лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди”, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг май ойида ҳам Шавкат Мирзиёев Александр Дюковни қабул қилган эди. Унда нефть маҳсулотларини етказиб бериш, қазиб олиниши қийин бўлган конларни ўзлаштириш ва соҳани рақамлаштириш борасидаги шерикликни ривожлантириш имкониятлари кўриб чиқилган.