TOШКЕНТ, 8 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Суҳбатда Ўзбекистон-Қатар стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбат аввалида Ўзбекистон президенти Қатар амирининг Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги фаол саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади.
Айтилишича, ўзаро товар айирбошлаш ва инвестиция кўрсаткичлари фаол ўсмоқда. Саноат кооперация ва инфратузилмани модернизация қилиш бўйича йирик лойиҳалар техник жиҳатдан тайёрланмоқда ва амалга оширилмоқда.
“Шу маънода, бўлажак юқори даражадаги тадбирлар, шу жумладан ташқи ишлар вазирлари раислигидаги Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг биринчи учрашуви, Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари ва бизнес форуми натижадор бўлишига муҳим эътибор қаратилаётгани таъкидланди”, — дейилади хабарда.
Ўзбекистон ва Қатар етакчилари олий даражадаги тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқишди.