Мирзиёев иштирокидаги йиғилиш: Наманган вилоятини қандай янги лойиҳалар кутмоқда?

Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятида ишлар ва лойиҳалар ижросига қаратилган ҳисобот билан танишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 июл — Sputnik. Наманган вилоятидаги 55 минг оилани камбағалликдан чиқариш режалаштирилган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган йиғилишда маълум қилинди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудлардаги ишларнинг бориши ва лойиҳалар ижроси юзасидан ҳисобот билан танишди.
Қайд этилишича, бу йил 4,2 миллиард доллар инвестиция жалб этиш, 1 миллиард доллар экспорт қилиш, 323 минг иш ўрни яратиш, 55 минг оилани камбағалликдан чиқариш режалаштирилган.

“Бунда энг катта замин – кичик бизнес ва тадбиркорлик. Наманганда меҳнатга лаёқатли аҳолини 82 фоизи шу соҳада рўзғор тебратаяпти”, — дейилади хабарда.

Айтилишича, йил бошидан бери вилоятга қарийб 1 миллиард 600 миллион доллар инвестиция киритилган. Лекин бунинг катта қисми Наманган шаҳри ва марказий туманларга тўғри келиб, Мингбулоқ, Норин, Уйчи ва Чортоқда ҳам сармояларни кўпайтириш керак.
Доложено о достигнутых результатах и новых проектах в Наманганской области
Наманган вилоятида ҳам мутахассислар, илғор тадбиркорлар ва хорижий экспертлардан иборат “Ислоҳотлар штаби” иш бошлади. Улар биргаликда излангани учун яна 1 миллиард долларлик лойиҳалар шаклланди.
“Йиғилишда мутасаддилар ана шу янги имкониятларни тақдимот қилди. Қайд этилганидек, уларнинг натижасида жами 12 минг иш ўрни, бюджетга қўшимча 200 миллиард сўм тушум, 160 миллион доллар экспорт манбаи пайдо бўлади”, — дея аниқлик киритилган хабарда.
Масалан, Норин туманида аҳоли хонадонларида интенсив усулда балиқ етиштириш, Мингбулоқда ўрдакчиликни ривожлантириш кўзда тутилмоқда. Давлат раҳбари бу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам татбиқ этиш зарурлигини таъкидлади.
Бугунги кунда вилоятда 55 минг ишсиз аҳоли, 44 минг камбағал оила бор. Уларни касбга йўналтириб, иш топишига кўмаклашиш, ўз уйида даромад манбаи яратиш вазифаси қўйилди.
Наманганда “Норин ГЭСлар каскади” қурилмоқда — тафсилотлар