ТОШКЕНТ, 6 июл — Sputnik. Ўзбекистонлик ёш дзюдочилар Чехиядаги турнирда етакчилик қилишмоқда, дея хабар берди Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Прагада дзюдо бўйича ёшлар ўртасида "Prague Junior European Cup 2025" мусобақаси бўлиб ўтмоқда.
Дунёнинг 4 қитъаси 32 давлатидан жами 428 нафар дзюдочи қатнашаётган турнирнинг биринчи кунги баҳслари Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси учун омадли келди.
Камол Муродов бош мураббийлигидаги дзюдочилар 2 та олтин, 2 та бронза медалини қўлга киритишди.
“Ушбу натижа билан ҳамюртларимиз биринчи кундан сўнг умумжамоа ҳисобида биринчи ўринда кетишмоқда”, — дейилади хабарда.
Ғолиблар:
Олтин медаллар: -66 кг: Дишодбек Ҳамроев,+78 кг: Умида Ниғматова;
Бронза медаллар: -60 кг: Самариддин Қўчқоров, -63 кг: Сарвиноз Ҳусанова.