TOШКЕНТ, 3 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Беларусь президенти Александр Лукашенкога мамлакатнинг Мустақиллик куни муносабати билан табрик йўллади. Бу ҳақда Беларусь президенти матбуот хизмати маълум қилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенкога йўллаган табригида кейинги йилларда Ўзбекистон-Беларусь муносабатларида мисли кўрилмаган юксак даражага эришилганини алоҳида таъкидлади.
“Ўзаро манфаатли ҳамкорлик барча йўналишларда жадал ривожланмоқда, иқтисодий кооперация ва маданий-гуманитар алмашинув бўйича муҳим дастурлар амалга оширилмоқда. Ишончим комил, бўлажак учрашувларимиз Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада кенгайтириш учун янги имкониятлар очади”, — дейилади байрам табригида.
Президент қайд этишича, ҳозирда Александр Лукашенконинг самарали раҳбарлигида Беларусда кенг кўламли янгиланишлар стратегияси муваффақиятли амалга оширилмоқда, мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиёти таъминланмоқда, аҳоли фаровонлиги юксалмоқда.
“Яқинда Минскда бўлганимда бунга яна бир бор амин бўлдим” — деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, байрам муносабати билан президент ва Беларусь халқи номига Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Озарбайжон президентлари, шунингдек Хитой, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Шимолий Корея каби мамлакатларнинг етакчиларидан қутловлар келган.