Сунъий интеллект соҳасида 1 млн мутахассис тайёрланади — тафсилотлар

Президентга рақамли технологиялар соҳасидаги режалар тақдимот қилинди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 2 июл — Sputnik. Ўзбекистонда сунъий интеллект миллий моделини яратиб, 1 миллион нафар мутахассис тайёрлаш режа қилинган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги тақдимотда маълум қилинди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Рақамли технологиялар соҳасидаги режалар:
келгуси йилда давлат хизматларини рақамлаштиришни 70 фоизга, IT хизматлари миқдорини 100 триллион сўмга етказиш;
“Электрон ҳукумат ривожланиш индекси”да камида 55-ўринга кўтарилиш.
“Бугунги кунда 760 та давлат хизмати рақамлаштирилган. Ўтган йили 10 миллион фуқаро рақамли хизматлардан фойдаланган. Давлатимиз раҳбари энди кейинги “Рақамли ҳукумат” босқичига ўтиш вақти келганини таъкидлади. Буни, энг аввало, аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган таълим, тиббиёт, қурилиш ва коммунал соҳалардан бошлаш кераклиги айтилди”, — дейилади хабарда.
Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясига кўра, соҳада инфратузилмани яхшилашга 50 миллион доллар ажратилди.
“Сунъий интеллект миллий моделини яратиб, 1 миллион нафар мутахассис тайёрлаш вазифаси белгиланган”, — дея қайд этилган хабарда.
Айтилишича, соҳада хизматлар ҳажми ва экспорт кўрсаткичларининг асосий қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келяпти. Ҳар бир ҳудудда жозибадор муҳит яратиб, чет эл компанияларини жалб этиш муҳимлиги қайд этилди.
Қуйидагилар амалга оширилган:
IT-парк резидентлари 2 минг 800 дан ошди, хорижий компаниялар 752 тага етди. Бу соҳада 40 минг нафар ёшлар юқори даромад топаяпти.
Охирги 5 йилда соҳа экспорти 170 миллион доллардан 1 миллиард долларга яқинлашди.
Интернет тезлиги 7 баробар, мобиль интернет эса 4,5 баробар ошди.
Ўтган йили соҳадаги стартапларга 70 миллион доллар венчур инвестиция киритилди. Буларнинг натижасида “Глобал стартаплар индекси” рейтингида Ўзбекистон 12 поғона юқорилаб, “ТОП-100”ликка кирди.
Ўтган йили “Сунъий интеллектга тайёрлик” халқаро индексида юртимиз 17 поғона кўтарилиб, Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади.
Ўзбекистон телекоммуникация соҳасининг ўсиш суръатлари бўйича МДҲ мамлакатлари рейтингида биринчи ўринни эгаллади.
Ўзбекистон сунъий интеллект соҳасида 100 мингта янги иш ўрни яратади — тафсилотлар