ТОШКЕНТ, 1 июл — Sputnik. Озарбайжоннинг Россиядаги элчиси Раҳмон Мустафоевга ҳибсга олинган россиялик журналистларни зудлик билан озод қилиш талаби билан вербаль нота топширилди. Бу ҳақда Россия дипломатик идораси хабар берди.
Бугун Россия Ташқи ишлар вазирлигига Озарбайжоннинг Россия Федерациясидаги элчиси чақирилди.
"Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин билан учрашув чоғида элчига Бокунинг сўнгги нодўстона ҳаракатлари, Озарбайжон томонининг икки томонлама муносабатларни бузиш бўйича онгли қадамлари муносабати билан норозилик билдирилди... Озарбайжон дипломатик миссияси раҳбарига Бокуда ҳибсга олинган россиялик журналистлар Игорь Картавих ва Евгений Белоусовни зудлик билан озод қилиш талаби билан вербаль нота топширилди", — дейилади Россия ТИВ сайтида эълон қилинган хабарда.
Айтилишича, яқинда Екатеринбургда асли озарбайжонлик бўлган Россия Федерацияси фуқароларининг қўлга олиниши билан боғлиқ вазият бўйича Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтган йилларда Россия Федерацияси ҳудудида, шу жумладан, Озарбайжон фуқароларига қарши содир этилган оғир жиноятлар бўйича жиноий ишларни тергов қилиш доирасида Россия қонунчилигига тўлиқ мувофиқ равишда тергов ҳаракатлари олиб борилгани таъкидланди.
Ваколатли органларга кўра, Бокунинг Россия ҳуқуқ-тартибот идораларини ўз ваколатларини ҳаддан ташқари ошириб юборишда айблашга уринишлари Россия ички ишларига аралашиш ҳисобланади. Россия Федерацияси Тергов қўмитаси ушбу масала бўйича батафсил маълумот берди.