TOШКЕНТ, 30 июн — Sputnik. Малайзия Қашқадарё вилоятида "ҳалол" озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширади, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг "CB Synergy" компанияси бош директори Шахзели бин Шахзулкариб ва "Perak Halal Corporation" компанияси бошқарув директори Абдул Азиз Абдул Раҳим билан учрашди.
Мулоқотда Қашқадарё вилоятида "ҳалол" озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.
“Малайзия томони мамлакатимизда "ҳалол" стандартлари асосида гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш мақсадида "CB Synergy", "Perak Halal Corporation Sdn Bhd" ва "PK-Agro Industrial Products Sdn Bhd." компаниялари иштирокида консорциум тузиш бўйича келишув ишлаб чиқилаётганини маълум қилди”, — дейилади хабарда.
"Perak Halal Corporation" компанияси томонидан ташкил этилаётган мазкур қўшма корхона қуйидагиларга тайёрлигини билдирди:
Қашқадарё вилоятида кенг қамровли "ҳалол" саноатини ривожлантириш;
махсус тренинглар ташкил этиш орқали соҳада билим ва технологияларни ўргатиш;
Ўзбекистонни минтақавий "ҳалол" марказига айлантириш ва унга сармоя киритиш.
Абдул Азиз Абдул Раҳим консорциум Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда давлат-хусусий шерикчилик асосида вилоятда "ҳалол" саноатини ривожлантириш ва экотизимини яратиш бўйича келишув имзолашини маълум қилди.
Малайзия томони Малайзия Ислом тараққиёти департаментининг "Ҳалол" сертификатларини Ўзбекистоннинг ўзида берилишини ташкил этишда ўз ҳиссасини қўшиш ниятини билдирди.