Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовни туғилган куни билан табриклади

Мулоқотда Тошкентда ўтказиладиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 июн — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев телефон орқали мулоқотда Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовни таваллуд куни билан табриклади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
“Давлатимиз раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовнинг замонавий Туркманистонни барпо этиш ва изчил ривожлантириш, мамлакатнинг халқаро нуфузини ошириш, Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида қайд этди”, — дейилади хабарда.
Мулоқотда қуйидагилар қайд этилди:
Идоралар ўртасида яқин ва сермаҳсул алоқалар йўлга қўйилган, товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажми ортмоқда. Муҳим кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда, жумладан, "Шовот - Тошовуз" чегараолди савдо зонаси қурилиши якунланмоқда.
Фаол маданий-гуманитар алмашинувлар амалга оширилмоқда.
Қўшма Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишлари, Ҳудудлараро форумни ўтказиш режалаштирилган.
Шунингдек, шу йил сентябрь ойида Тошкентда ўтказиладиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Туркман халқининг миллий етакчиси Ўзбекистон президентига Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг саломини етказди.