Россия компанияси Ислом цивилизацияси марказидаги “Вақт девори” учун лойиҳа ишлаб чиқди

“Вақт девори” исломдан аввалги даврлардан бошлаб темурийлар, бобурийлар сулолаларигача бўлган даврларни қамраб олади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 июн — Sputnik. Россия компанияси Ислом цивилизацияси марказида жой олган “Вақт девори”даги экспозицияларни 3D технология орқали намойиш этишга ёрдам беради. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати хабар берди.
Марказда “Исломдан аввалги давр” бўлими экспозициясини такомиллаштиришга бағишланган муҳокама йиғилиши ўтказилди. Унда Россиянинг “Планет 9” дизайн компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Компания вакиллари Марказ томонидан тақдим этилган контентлар асосида экспозицияни тизимлаштириш, дизайн ва жойлаштириш бўйича ишлаб чиққан лойиҳани тақдим этишди.
"Тақдимот давомида “Вақт девори”да акс эттирилиши режалаштирилган экспонатлардан фойдаланиш имкониятлари, шунингдек, қадимги хариталар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Турли манбалар, онлайн платформалар ва дастурлар асосида хариталар бўйича янги контентлар ишлаб чиқиш ҳамда экспозицияни янада бойитиш бўйича таклифлар илгари сурилди", — дейилади хабарда.
Марказ катта илмий ходими Обид Тангиров таъкидлашича, дунёнинг йирик музейларидан тажрибали мутахассис жалб этилгани ва “Планет 9” дизайн компанияси билан олиб борилаётган ҳамкорлик ишларининг сифатли ва профессионал тарзда амалга оширилишига хизмат қилмоқда.
Қайд этилишича, “Вақт девори” исломдан аввалги даврлардан бошлаб темурийлар, бобурийлар сулолаларигача бўлган даврларни қамраб олади. Хронологик тартибда тузиладиган мазкур лойиҳадаги экспозициялар замонавий миниатюра, 3D графика ва интерактив технологиялар орқали намоён этилади.
Ислом цивилизацияси марказидаги "Вақт девори"га 20 тага яқин миниатюра чизилади