Ўзбекистон ва ЕОИИ

Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида нималарга келишиб олинди?

Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилиши 2025 йил декабрь ойида Санкт-Петербургда бўлиб ўтади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 июн — Sputnik. Минскда Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди.
Булар: ЕОИИ қонунчилигини такомиллаштириш, Евроосиё иқтисодий интеграциясини ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш, халқаро ҳамкорлик, савдо, хизматлар бозорини ривожлантириш, табиий монополия субъектлари фаолиятини тартибга солиш, спорт соҳасида ўзаро ҳамкорлик.
Иккита муҳим халқаро ҳужжат имзоланди. Биринчиси, Бирлашган Араб Амирликлари билан иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битим. Иккинчиси - Мўғулистон билан вақтинчалик савдо битими.
Давлат раҳбарлари, шунингдек, ЕОИИ халқаро фаолиятининг асосий йўналишларини кўриб чиқдилар. Ўтган йиллар давомида Евроосиё иқтисодий иттифоқининг халқаро майдондаги мавқеи сезиларли даражада мустаҳкамланди.
Шунингдек, давлат раҳбарлари Евроосиё иқтисодий интеграциясини ривожлантиришнинг 2025 йилгача бўлган стратегик йўналишларини амалга ошириш бўйича бажарилаётган ишлар билан таништирилди. Мазкур ҳужжатнинг амалга оширилиши барча муҳим йўналишларда интеграцияга маълум суръат бахш этди.
Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши аъзолари Евроосиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги шартномага ўзгартиришлар киритишни ўз ичига олган IV Катта протоколни имзоладилар. Ўзгартиришлар техник жиҳатдан тартибга солиш, электр энергияси, рақобат ва молия бозорларидаги камчиликларни бартараф этишга қаратилган.
ЕОИИ мамлакатлари раҳбарларига Иттифоқда маҳсулотларни маркалашнинг ривожланиши ҳақида маълумот берилди.
ЕОИИ доирасида алоҳида хизмат кўрсатиш тармоқларини либераллаштириш режаларини амалга ошириш тўғрисидаги ҳисобот қабул қилинди.
ЕОИИда спорт соҳасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди.
ЕОИИда 2023-2024 йилларга мўлжалланган хизматлар савдосини тартибга солиш қоидаларига риоя қилиш натижалари сарҳисоб қилинди.
Табиий монополияларни тартибга солиш соҳасидаги 2024 йил якунлари тақдим этилди.
Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилиши 2025 йил декабрь ойида Санкт-Петербургда бўлиб ўтади.
Ўзбекистон ва ЕОИИ
Шавкат Мирзиёев ЕОИИ Олий иқтисодий кенгашида қатор таклифларни илгари сурди