TOШКЕНТ, 26 июн — Sputnik. Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида Иссиқкўл электорал форуми бўлиб ўтмоқда, дея хабар берди Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо давлатлар Парламентлараро Ассамблеяси матбуот хизмати.
Форумда Ўзбекистон марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев ва комиссия аъзоси Гулноза Раҳимова иштирок этмоқда. Шунингдек, Россия, Қозоғистон, Туркия, Беларусь ва бошқа давлатлар сайлов органлари раҳбарлари ва вакиллари бор.
Иссык-Кульский электоральный форум в Чолпон-Ате
© FOTO пресс-служба кабинета министров КР
Форум ялпи мажлисининг мавзуси: Халқаро сайлов амалиётини миллий контекстга мослаштириш.
"Ҳамдўстликнинг барча мамлакатларидаги кўпчилик сайловчиларни сайловларни давлат ҳаётидаги энг муҳим сиёсий воқеа, миллий байрам даражасида қабул қилиш бирлаштириб туради. Бу фикрларни сўнгги беш йил ичида МДҲ давлатларидаги аксарият сайловларда иштирок этишнинг юқори даражаси ҳам тасдиқлайди", — деди МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси Кенгаши бош котиби Дмитрий Кобицкий.
Унинг сўзларига кўра, бунга қарама-қарши ҳодиса - электорал абсентеизмни (сайловларда иштирок этишдан, йиғилишларда қатнашишдан бўйин товлаш ва ҳ.к.) ҳам эътиборга олиш лозим. У ҳам норозилик шакли, ҳам ҳуқуқий маданият ва фуқаролик ўзлигини англаш даражасининг етарли эмаслиги натижаси бўлиши мумкин. Абсентеизм кўпроқ ёшларга хос деган фикр бор. Бироқ, кекса авлод ҳам бу ҳодисага моил, деди у.
У МДҲ ПА Демократия ривожланишини мониторинг қилиш халқаро институти ходимлари ва экспертларининг электорал иштирокга таъсир кўрсатувчи омилларни ўрганиш борасидаги ишларини қайд этди.
Шунингдек, сайлов ташкилотчилари малакасини оширишнинг илғор усулларига бағишланган давра суҳбати ўтказилади.
Форум иштирокчилари сайловни ўтказиш бўйича халқаро тажрибани қандай мослаштириш, сайлов ташкилотчиларини тайёрлашнинг қайси усуллари самаралироқ эканлиги, ёшларни сайлов жараёнларига фаолроқ жалб этиш масалаларини муҳокама қилади.
Маълумот учун, 23-28 июнь кунлари Иссиқкўлнинг Булан-Соғоту қишлоғида марказий сайлов комиссиялари раҳбарлари, МДҲ мамлакатлари депутатлари ва экспертларининг учрашуви бўлиб ўтмоқда.