АҚШ нега Яқин Шарқдаги можарога аралашаётгани айтилди

Мусавиан: АҚШ Исроилнинг мағлубияти туфайли Яқин Шарқдаги можарога қўшилди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 23 июн — Sputnik. Исроил муваффақиятсизлик ёқасида бўлмаганида, АҚШ Яқин Шарқдаги можарога тўғридан-тўғри аралашмаган бўларди. Бу ҳақда Эроннинг Германиядаги собиқ элчиси Саид Ҳусайн Мусавиан РИА Новостига маълум қилди.
"Исроил Эронга қарши ўн кунлик операцияда нафақат ютқазди, балки мағлубият ёқасига келиб қолди. Агар бу содир бўлмаганида, АҚШ бу ишга аралашмаган бўларди", — деб ҳисоблайди Мусавиан.
Унинг сўзларига кўра, Эрон жуда жиддий йўқотишларга учраган бўлса-да, АҚШ ҳам содир бўлган воқеанинг салбий оқибатларини бошдан кечиради. Унинг қайд этишича, бу ҳолат бутун Яқин Шарқдаги тинчлик ва хавфсизликка таъсир қилади.
"АҚШ президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича жамоаси АҚШнинг Эронга ҳарбий ҳужуми оқибатларини тўғри баҳолай олмади ёки уни бу йўлдан қайтаришга муваффақ бўлмади. Уларнинг аксарияти бу қарорни қўллаб-қувватлаган бўлиши ҳам мумкин. Нима бўлганда ҳам, бу воқеа Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг Оқ уйга таъсири даражасини яна бир бор кўрсатди”, — деди у.
АҚШнинг Яқин Шарқдаги можарога ҳарбий аралашуви жаҳон хавфсизлиги асосларига путур етказди. Минтақадаги вазиятни янада мураккаблаштирди ва беқарорлаштирди, дейилади Хитойнинг Global Times давлат газетаси таҳририят мақоласида.
"Америкалик ҳарбийларнинг тўғридан-тўғри аралашуви Яқин Шарқдаги вазиятни янада мураккаблаштирди ва беқарорлаштирди, можарога кўпроқ мамлакатлар ва бегуноҳ тинч аҳолини жалб қилди ва уларни йўқотишларга мажбур қилди," деб ёзади муаллифлар.
Нашрнинг қайд этишича, Вашингтоннинг аралашуви Эрон-Исроил можаросининг "ўз доирасидан ташқарига чиқа бошлашига" олиб келган.
АҚШ Эронга қарши хавфли уруш бошлади — ТИВ