Эрондан Туркманистон орқали 60 га яқин Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтарилди

Яқин Шарқдаги мураккаб вазият туфайли қатор давлатлар, жумладан Ўзбекистон ҳам ўз фуқароларини хавфсиз равишда ватанига қайтариш бўйича фаол чора-тадбирлар кўрмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 июн — Sputnik. Эрондан Туркманистон орқали 60 га яқин Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтарилди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Яқин Шарқдаги мураккаб вазият туфайли қатор давлатлар, жумладан Ўзбекистон ҳам ўз фуқароларини хавфсиз равишда ватанига қайтариш бўйича фаол чора-тадбирлар кўрмоқда.
Бунда Туркманистон раҳбарияти ташаббуси билан ушбу давлат ўз ҳудудини транзит мақсадлари учун тақдим этгани, халқаро гуманитар ёрдам кўрсатишдаги фаол иштироки ва улкан ҳиссаси, мамлакат чегара пунктлари, вокзал ва аэропортларида яратилган қулай шароитлар, кўп сонли давлатлар фуқароларининг тезкор ва хавфсиз эвакуация қилинаётганлиги халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилмоқда.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг кўрсатмаларига мувофиқ, мамлакатнинг Теҳрон ва Ашхободдаги дипломатик ваколатхоналарида кечаю-кундуз ишлайдиган тезкор штаблар тузилди. Тезкор штаб Эронда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини Туркманистон орқали ватанига қайтариш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширмоқда.
Ўзбекистоннинг Теҳрондаги элчихонаси фуқароларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш бўйича доимий алоқа ва мувофиқлаштирув ишларини олиб боряпти. Ашхободдаги элчихона эса Туркманистон расмийлари билан ҳамкорликда фуқароларини чегарада кутиб олиш, виза ва транспорт масалаларини ҳал этиш ҳамда ватанига қайтариш жараёнини самарали ташкил этмоқда.
Бугунги кунга қадар Эрондан Туркманистон орқали жами 60 га яқин Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтарилди.
ТИВ ўзбекистонликларни Исроил ва Эрон можароларига нисбатан вазмин бўлишга чақирди